ХАЛҚАРО САВДО ҲУҚУҚИ

Авторы

  • Саид Гулямов

Поделиться

Ключевые слова:

халкаро савдо объект субъект бизнестраст аукцион тендер консигнация

Аннотация

Давлатнинг ҳуқуқ тизими бир қанча соҳаларни ўз ичига олади. Улар­нинг ҳар бири ўзига хос предметга ва ушбу предметнинг мазмунини ифода­ловчи муносабатларни тартибга соладиган усулларига эга. Ушбу ҳуқуқ соҳалари бир вақтнинг ўзида шаклланмайди, янги ҳуқуқ соҳаларининг пай­до бўлиши, улардан баъзиларининг ўз аҳамиятини йўқотиши давлат ва жа­миятнинг ривожланиш даврига боғлиқ. Янги ҳуқуқ соҳалари субъектив хоҳишга биноан эмас, балки объектив сабабларга кўра шаклланади ва ҳуқуқ тизими кўламида ўзига муносиб жой эгаллайди. Бундай шаклланиш жараёни узоқ муддат давом этади ва бунга асос солувчи ижтимоий-иқти­содий муносабатларнинг қарор топишини тақозо қилади. Халқаро савдо ҳуқуқи ҳам ана шундай соҳалардан иборат.

Мустақилликка эришгунга қадар Ўзбекистон халқаро сиёсий, иқтисо­дий муносабатларда қатнашмас эди. Собиқ совет ҳокимияти даврида нашр этилган адабиётларда социалистик республикаларнинг халқаро муносабат­лар субъекти эканлиги таъкидлаб ўти­ларди, холос.

Собиқ СССРнинг 1977 йилги Конституциясидаги 80-моддага биноан, «Иттифоқдош республика чет давлатлар билан алоқа боғлашга, улар билан шартнома тузишга ҳамда дипломатия ва кон­суллик вакилларини айирбош­лашга, халқаро ташкилотлар фа­олиятида иштирок этишга ҳақлидир», – дейилган эди. Амалда эса Белоруссия ва Украинадан бошқа бирон-бир республика чет давлатлар билан дипломатик, консуллик муно­сабатларини ўрнатишга ёки чет элда ўзларининг савдо ваколатхоналарини очишга эри­ша олмаган. Масаланинг бундай ҳал қилиниши оқибатида собиқ социа­листик республикаларда ҳуқуқимизнинг алоҳида тизими сифатида халқаро оммавий ҳуқуқ, халқаро хусусий ҳуқуқ, жумладан халқаро савдо ҳуқуқи фанлари бўйича илмий-тадқиқот ишлари деярли олиб борилмади, ушбу соҳалар юридик ўқув юртларида ўрганилмади.

1992 йил 2 мартда Ўзбекистон дунёда энг нуфузли халқаро ташкилот – БМТга аъзоликка қабул қилинди, мустақилликнинг илк давридаёқ жаҳон­даги 150 дан ортиқ давлатлар уни расман тан олди. Республикамиз кўп­гина обрўли халқаро жамиятлар ҳамда иқтисодий ва молиявий ташки­лотларнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлди. Жаҳондаги энг катта мамлакатлар билан савдо ва иқтисодий соҳаларда муносабатлар ўрнатди, бу борада юритиш ошириш учун халқаро шартномалар, битимлар тузишда қат­нашди, конвенцияларни ратификация қилди.

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгач, халқаро савдо ҳуқу­қининг таркиб топиши ва шаклланиши учун қулай шароит юзага келди. Республикамиз барпо этишга киришган жамият мулкнинг барча шакллари, жумладан хусусий мулкнинг ҳам ташкил топиши ва улар асосида бозор муносабатларининг ривожланиши, шунингдек, жамиятни бошқариш тизи­мида тегишли демократик шакллар ва усуллардан фойдаланиш туфайли ушбу жамиятнинг табиатига монанд бўлган, унинг хусусиятларини ўзида мукаммал акс эттирадиган, ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг ривож­ланишига фаол таъсир кўрсатишга мўлжал­ланган ва сўнгги йилларда ҳуқуқ тизимида таркиб топган янги ҳуқуқ соҳалари учун манба бўлиб хизмат қилувчи қонун-қоидалар яратилди.

Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг мустақил субъекти сифатида халқаро алоқаларини тобора кенгайтириб бормоқда. Давлатлараро ва ҳукуматлараро иқтисодий, сиёсий, маданий, илмий-техникавий ҳамда бошқа йўналиш­лар­даги ўзаро алоқаларнинг кучайиши билан (бирга) юридик ва жисмоний шахслар амалга оширадиган ташқи иқтисодий фаолият тарзидаги муноса­батлар ҳам кенгайиб, миқдор ва сифат жиҳатдан такомиллашиб бормоқда. Мисол тариқасида шуни айтиш кифояки, республикамизнинг ташқи савдо муомаласи 2001 йил 1 январга келиб 3 бараварга ошди ва ҳозир у 170 дан ортиқ мамлакатлар билан ташқи сав­до-сотиқ алоқаларини амалга ошир­моқда. Шу давр давомида чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар сони 31 баробар, улар экспорт қилаётган маҳсулотлар ҳажми эса 17 баро­бар ўсди[1].

Давлатимиз раҳбариятининг ташқи иқтисодий муносабатларни ривож­лантириш, айниқса экспорт алоқаларини янада кучайтиришга йўналти­рил­ган сиёсат юритаётганлиги, ташқи иқтисодий муносабатлар учун қулай юридик ва иқтисодий шароит яратилганлиги, бундай алоқаларнинг рағбат­лантирилаётганлиги ва қўллаб-қувватланаётганлиги чет эллар билан савдо-
сотиқ ва бошқа иқтисодий муносабатларнинг авж олишига хизмат қил­моқда[2].

Республикамиз Президенти И. А. Каримов ўзининг биринчи чақи­риқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг VI сессиясида сўз­лаган нут­қида: «Биз жамиятимизнинг жаҳон цивилизациясига фаол кириб бориши учун ҳуқуқий ва ташкилий шарт-шароитларни барпо этганмиз»[3], – деб таъ­кидлаганида батамом ҳақ эди. Бундай шароитларнинг яратилиши, республи­камизнинг хал­қаро ҳуқуқ субъекти сифатида тан олиниши натижасида мамлакатимизда, бошқа халқаро ҳуқуқ соҳалари билан бир қаторда, халқаро савдо ҳуқуқи фани бўйича илмий изланишлар олиб бориш ва уни мустақил фан сифатида ўрганиш учун эҳтиёж сезила бошланди.

Мустақилликнинг ҳуқуқий асоси бўлган Ўзбекистон Конституцияси 17-моддасининг 2-қисмига биноан, «Республика давлатнинг, халқнинг олий манфаатлари, фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида итти­фоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ва улардан ажралиб чиқиши мумкин». Ушбу қоида республикамиз ташқи сиёсатининг асосий мазмунини халқнинг фаровон ҳаёти ва манфаат­ларининг таъминланиши ташкил қилишидан, ушбу мақсадда давлатимиз бошқа давлатлар билан алоқалар ўрнатишга тайёр эканлигидан далолат беради. Бундай алоқалар нафақат сиёсий, балки иқ­тисодий аҳамиятга ҳам эгадир. Давлатларнинг биргаликда корхоналар барпо этиши, инвестиция ва кредитлар ажратиш, товарлар олди-сотдиси, грант эълон қилиш асосида тегишли лойиҳалар бўйича илмий тадқиқотларни бажариш билан боғлиқ муносабатлар иқтисодий аҳамиятга эга. Мазкур муносабатлар халқаро хусусий ҳуқуқ ва унинг муҳим тармоғи ҳисобланувчи халқаро савдо ҳуқуқи нормалари воситасида тартибга солинади.

Халқаро савдо ҳуқуқи соҳасининг манбаларини ташкил қилувчи шарт­номаларда савдо алоқаларини тузишда тарафларнинг фойдаланиши зарур бўлган умумий қоидалар, шартнома иштирокчиларининг ҳуқуқий лаёқати, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлиги, савдо арбитра­жига ёки холислар (холис ҳакамлар) судига тааллуқли масалаларга доир қоидалар назарда тутилади.

Халқаро хусусий ҳуқуқнинг, жумладан халқаро савдо ҳуқуқининг ман­баи сифатида халқаро шартномаларнинг мавқеи тобора ошиб бормоқда. Халқаро шартномада олдиндан ўз ифодасини топган нормалар давлатлар ўртасидаги муносабатларда давлатнинг ички қонунларига нисбатан кўпроқ қўлланилади.

Республикамизнинг «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартнома­лари тўғрисида»ги 1995 йил декабрь қонунида[4] ўз аксини топган қоидалар 1969 йилда қабул қилинган ва 1995 йил 24 февралда Ўзбекистон ҳам қўшилган Халқаро шартномалар тўғрисидаги Вена конвенциясига ҳамда Давлатлар ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамда халқаро ташки­лотлар ўртaсидаги шартномалар ҳуқуқи тўғрисидаги 1986 йилги Вена конвенция­сига асосланади.

1994 йил 15 апрелда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига кирувчи давлатларнинг раҳбарлари Эркин савдо зонаси ташкил қилиш тўғрисидаги битим ва унинг протоколини имзоладилар. МДҲ таш­кил қилинганидан буён унинг иштирокчилари анча шартнома ва битимлар­ни туздилар. Улар савдо ва иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш, дав­лат чегаралари ва денгиз иқтисодий зоналарини муҳофаза қилиш ва бошқа иқтисодий масалаларга бағишланган.

Халқаро савдо масалаларига оид алоҳида конвенциялар қаторига би­ринчи галда Кўчар моддий ашёлар халқаро олди-сотдисига нисбатан қўлла­ниладиган ҳуқуқ тўғрисидаги 1995 йил Гаага конвенцияси, халқаро товар­лар савдосида мулк ҳуқуқининг ўтишига нисбатан қўлланадиган ҳуқуқ тўғ­рисидаги 1958 йил Гаага конвенцияси, Халқаро олди-сотдига нисбатан қўл­ланадиган ҳуқуқ тўғрисидаги 1986 йил Гаага конвенцияси ва бошқалар киради. Бир хил мазмундаги коллизион хусусиятга эга бўлган нормалардан ташкил топган ушбу конвенциялардан фарқли ўлароқ, 1964 йилда Гаагада Товарларнинг халқаро олди-сотдиси тўғрисида бир хил мазмунга эга бўлган қонунлар қабул қилиш ҳақида конвенция тузилган эди. Ушбу конвенция
амалда кенг кўламда қўлланилмади ва унинг ўрнига 1980 йилда Венада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг Товарлар халқаро олди-сот­дисига доир шартномалар тўғрисидаги конвенцияси имзоланди. Мазкур Кон­венция 1988 йил 1 январдан амалга киритилди.

1974 йилда Нью-Йоркда Товарлар халқаро олди-сотдиси бўйича даъво муддати тўғрисидаги конвенция тузилди ва 1980 йилда унга доир Қўшимча протокол қабул қилинди. Ўзбекистон Конвенцияни 1996 йил 30 августда ратификация қилди. Ушбу протоколга асосан 1974 йилдаги Конвенциянинг айрим қоидалари БМТнинг Товарлар халқаро олди-сотдиси шартномалари тўғрисидаги конвенцияси билан мувофиқлаштирилди. 1983 йилда Женева­да бўлиб ўтган конференцияда Товарлар халқаро олди-сотдисини бошқа­риш бўйича ваколатхона ташкил қилиш ҳақида конвенция тузилди, 1988 йилда эса Оттавада халқаро молиявий лизинг тўғрисида конвенция тузилди. Ўзбекистон уни 2000 йил 26 майда ратификация қилди.

Ўзбекистон Республикасининг «Халқаро шартномалар тўғрисида»ги қонуни, халқаро конвенциялари ва битимлари халқаро савдо ҳуқуқи ўқув фанининг манбаини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси ташқи оламга шиддат билан чиқиб бора­ётган, халқаро савдо-иқтисодий алоқалари мустаҳкамланаёт­ган ва мамлака­тимиз ягона жаҳон хўжалик тизимининг муҳим таркибий қисмига айланиб бораётган бугунги кунда халқаро савдо-иқтисодий муносабатларнинг ҳуқу­қий жиҳатларидан хабардор мутахассис кадрлар тайёрлаш бугунги кун­нинг долзарб вазифаларидан биридир.

Халқаро савдо ҳуқуқи соҳасидаги зарур ахборотнинг етарли бўлиши, халқаро савдо муносабатларида юзага келаётган ва мураккаб масалалардан ташкил топган янги воқеалардан хабардор бўлиш, ушбу масалаларнинг ечимини топиш ва улар юзасидан илмий изланишлар олиб борилиши бу муносабатларнинг амалда ташкил қилиниши ва ривож топиши, муносабат иштирокчилари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилиниши учун имконият яратади.

«Халқаро савдо ҳуқуқи» ўқув фанининг ҳуқуқшунос ва иқтисодчи мутахассислигига эга бўлган кадрларни тайёрлаш учун тузилган ўқув дасту­рига киритилиши Ўзбекистон Республикасининг Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгиланган вазифаларга мос келади, кадрларни мамлакатимиз тараққиёти йўналишларига, халқаро кўламда бозор муносабати талабларига мувофиқ тарзда тайёрланишига кўмаклашади.

Халқаро ҳуқуқ манбалари, халқаро шартномалар, конвенциялар асоси­да халқаро савдо муносабатларининг ташкил топишини ўрганиш, ушбу му­носабатларга тааллуқли юридик атамалар ва ибо­раларнинг мазмун моҳиятини ўзлаштириш, муносабатларни тартибга солишга оид қоидалар ва бу соҳада вужудга келадиган низоларга нисбатан қўлланиладиган нормалар­ни, низоларни ҳал қилувчи ташкилотлар ва суд тизимини билиш талабалар­га ҳам, адвокатлар, юристлар ва ташқи савдо-иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи тадбиркор юридик ва жисмоний шахсларга ҳам баб-баравар зарур. Ана шу талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, халқаро хусусий ҳуқуқ кафедрасининг ўқитувчиси иқтисод фанлари номзоди С. С. Гулямов Ўзбекис­тонда биринчи бўлиб тайёрлаган ушбу китоб бу борадаги мавжуд муҳим масалаларни ёритиб бериш, тушунмовчиликларга аниқлик киритиш, мута­хассис ҳуқуқшунос ва иқтисодчиларнинг билимларини оширишга хизмат қилади, халқаро савдо-иқтисодий муносабатлар билан шуғулланувчи тад­биркорлар ва ушбу масалаларга қизиқадиган китобхонлар учун яхши қўл­ланма бўлади, деб ўйлаймиз.

Ушбу дарсликни камчиликлардан мутлақо холи, деб бўлмайди. Шунинг учун ҳам, муҳтарам китобхон, сизнинг билдирган таклиф ва мулоҳазаларингиз китобнинг кейинги нашрларини янада мукаммалроқ тай­ёрлашга ёрдам беради, деган умиддамиз.

 

 

trade

Загрузки

26 25

Опубликован

29-09-2022

Категории

Как цитировать

Гулямов S. (2022). ХАЛҚАРО САВДО ҲУҚУҚИ. Гулямов Саид Саидахрарович, 1(1), 3–355. извлечено от https://gulyamov.org/index.php/said/article/view/123