Давлатнинг ҳуқуқ тизими бир қанча соҳаларни ўз ичига олади. Уларнинг ҳар бири ўзига хос предметга ва ушбу предметнинг мазмунини ифодаловчи муносабатларни тартибга соладиган усулларига эга. Ушбу ҳуқуқ соҳалари бир вақтнинг ўзида шаклланмайди, янги ҳуқуқ соҳаларининг пайдо бўлиши, улардан баъзиларининг ўз аҳамиятини йўқотиши давлат ва жамиятнинг ривожланиш даврига боғлиқ. Янги ҳуқуқ соҳалари субъектив хоҳишга биноан эмас, балки объектив сабабларга кўра шаклланади ва ҳуқуқ тизими кўламида ўзига муносиб жой эгаллайди. Бундай шаклланиш жараёни узоқ муддат давом этади ва бунга асос солувчи ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг қарор топишини тақозо қилади. Халқаро савдо ҳуқуқи ҳам ана шундай соҳалардан иборат.
Мустақилликка эришгунга қадар Ўзбекистон халқаро сиёсий, иқтисодий муносабатларда қатнашмас эди. Собиқ совет ҳокимияти даврида нашр этилган адабиётларда социалистик республикаларнинг халқаро муносабатлар субъекти эканлиги таъкидлаб ўтиларди, холос.
Собиқ СССРнинг 1977 йилги Конституциясидаги 80-моддага биноан, «Иттифоқдош республика чет давлатлар билан алоқа боғлашга, улар билан шартнома тузишга ҳамда дипломатия ва консуллик вакилларини айирбошлашга, халқаро ташкилотлар фаолиятида иштирок этишга ҳақлидир», – дейилган эди. Амалда эса Белоруссия ва Украинадан бошқа бирон-бир республика чет давлатлар билан дипломатик, консуллик муносабатларини ўрнатишга ёки чет элда ўзларининг савдо ваколатхоналарини очишга эриша олмаган. Масаланинг бундай ҳал қилиниши оқибатида собиқ социалистик республикаларда ҳуқуқимизнинг алоҳида тизими сифатида халқаро оммавий ҳуқуқ, халқаро хусусий ҳуқуқ, жумладан халқаро савдо ҳуқуқи фанлари бўйича илмий-тадқиқот ишлари деярли олиб борилмади, ушбу соҳалар юридик ўқув юртларида ўрганилмади.
1992 йил 2 мартда Ўзбекистон дунёда энг нуфузли халқаро ташкилот – БМТга аъзоликка қабул қилинди, мустақилликнинг илк давридаёқ жаҳондаги 150 дан ортиқ давлатлар уни расман тан олди. Республикамиз кўпгина обрўли халқаро жамиятлар ҳамда иқтисодий ва молиявий ташкилотларнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлди. Жаҳондаги энг катта мамлакатлар билан савдо ва иқтисодий соҳаларда муносабатлар ўрнатди, бу борада юритиш ошириш учун халқаро шартномалар, битимлар тузишда қатнашди, конвенцияларни ратификация қилди.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгач, халқаро савдо ҳуқуқининг таркиб топиши ва шаклланиши учун қулай шароит юзага келди. Республикамиз барпо этишга киришган жамият мулкнинг барча шакллари, жумладан хусусий мулкнинг ҳам ташкил топиши ва улар асосида бозор муносабатларининг ривожланиши, шунингдек, жамиятни бошқариш тизимида тегишли демократик шакллар ва усуллардан фойдаланиш туфайли ушбу жамиятнинг табиатига монанд бўлган, унинг хусусиятларини ўзида мукаммал акс эттирадиган, ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг ривожланишига фаол таъсир кўрсатишга мўлжалланган ва сўнгги йилларда ҳуқуқ тизимида таркиб топган янги ҳуқуқ соҳалари учун манба бўлиб хизмат қилувчи қонун-қоидалар яратилди.
Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг мустақил субъекти сифатида халқаро алоқаларини тобора кенгайтириб бормоқда. Давлатлараро ва ҳукуматлараро иқтисодий, сиёсий, маданий, илмий-техникавий ҳамда бошқа йўналишлардаги ўзаро алоқаларнинг кучайиши билан (бирга) юридик ва жисмоний шахслар амалга оширадиган ташқи иқтисодий фаолият тарзидаги муносабатлар ҳам кенгайиб, миқдор ва сифат жиҳатдан такомиллашиб бормоқда. Мисол тариқасида шуни айтиш кифояки, республикамизнинг ташқи савдо муомаласи 2001 йил 1 январга келиб 3 бараварга ошди ва ҳозир у 170 дан ортиқ мамлакатлар билан ташқи савдо-сотиқ алоқаларини амалга оширмоқда. Шу давр давомида чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар сони 31 баробар, улар экспорт қилаётган маҳсулотлар ҳажми эса 17 баробар ўсди[1].
Давлатимиз раҳбариятининг ташқи иқтисодий муносабатларни ривожлантириш, айниқса экспорт алоқаларини янада кучайтиришга йўналтирилган сиёсат юритаётганлиги, ташқи иқтисодий муносабатлар учун қулай юридик ва иқтисодий шароит яратилганлиги, бундай алоқаларнинг рағбатлантирилаётганлиги ва қўллаб-қувватланаётганлиги чет эллар билан савдо-
сотиқ ва бошқа иқтисодий муносабатларнинг авж олишига хизмат қилмоқда[2].
Республикамиз Президенти И. А. Каримов ўзининг биринчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг VI сессиясида сўзлаган нутқида: «Биз жамиятимизнинг жаҳон цивилизациясига фаол кириб бориши учун ҳуқуқий ва ташкилий шарт-шароитларни барпо этганмиз»[3], – деб таъкидлаганида батамом ҳақ эди. Бундай шароитларнинг яратилиши, республикамизнинг халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида тан олиниши натижасида мамлакатимизда, бошқа халқаро ҳуқуқ соҳалари билан бир қаторда, халқаро савдо ҳуқуқи фани бўйича илмий изланишлар олиб бориш ва уни мустақил фан сифатида ўрганиш учун эҳтиёж сезила бошланди.
Мустақилликнинг ҳуқуқий асоси бўлган Ўзбекистон Конституцияси 17-моддасининг 2-қисмига биноан, «Республика давлатнинг, халқнинг олий манфаатлари, фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ва улардан ажралиб чиқиши мумкин». Ушбу қоида республикамиз ташқи сиёсатининг асосий мазмунини халқнинг фаровон ҳаёти ва манфаатларининг таъминланиши ташкил қилишидан, ушбу мақсадда давлатимиз бошқа давлатлар билан алоқалар ўрнатишга тайёр эканлигидан далолат беради. Бундай алоқалар нафақат сиёсий, балки иқтисодий аҳамиятга ҳам эгадир. Давлатларнинг биргаликда корхоналар барпо этиши, инвестиция ва кредитлар ажратиш, товарлар олди-сотдиси, грант эълон қилиш асосида тегишли лойиҳалар бўйича илмий тадқиқотларни бажариш билан боғлиқ муносабатлар иқтисодий аҳамиятга эга. Мазкур муносабатлар халқаро хусусий ҳуқуқ ва унинг муҳим тармоғи ҳисобланувчи халқаро савдо ҳуқуқи нормалари воситасида тартибга солинади.
Халқаро савдо ҳуқуқи соҳасининг манбаларини ташкил қилувчи шартномаларда савдо алоқаларини тузишда тарафларнинг фойдаланиши зарур бўлган умумий қоидалар, шартнома иштирокчиларининг ҳуқуқий лаёқати, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлиги, савдо арбитражига ёки холислар (холис ҳакамлар) судига тааллуқли масалаларга доир қоидалар назарда тутилади.
Халқаро хусусий ҳуқуқнинг, жумладан халқаро савдо ҳуқуқининг манбаи сифатида халқаро шартномаларнинг мавқеи тобора ошиб бормоқда. Халқаро шартномада олдиндан ўз ифодасини топган нормалар давлатлар ўртасидаги муносабатларда давлатнинг ички қонунларига нисбатан кўпроқ қўлланилади.
Республикамизнинг «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги 1995 йил декабрь қонунида[4] ўз аксини топган қоидалар 1969 йилда қабул қилинган ва 1995 йил 24 февралда Ўзбекистон ҳам қўшилган Халқаро шартномалар тўғрисидаги Вена конвенциясига ҳамда Давлатлар ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамда халқаро ташкилотлар ўртaсидаги шартномалар ҳуқуқи тўғрисидаги 1986 йилги Вена конвенциясига асосланади.
1994 йил 15 апрелда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига кирувчи давлатларнинг раҳбарлари Эркин савдо зонаси ташкил қилиш тўғрисидаги битим ва унинг протоколини имзоладилар. МДҲ ташкил қилинганидан буён унинг иштирокчилари анча шартнома ва битимларни туздилар. Улар савдо ва иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш, давлат чегаралари ва денгиз иқтисодий зоналарини муҳофаза қилиш ва бошқа иқтисодий масалаларга бағишланган.
Халқаро савдо масалаларига оид алоҳида конвенциялар қаторига биринчи галда Кўчар моддий ашёлар халқаро олди-сотдисига нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқ тўғрисидаги 1995 йил Гаага конвенцияси, халқаро товарлар савдосида мулк ҳуқуқининг ўтишига нисбатан қўлланадиган ҳуқуқ тўғрисидаги 1958 йил Гаага конвенцияси, Халқаро олди-сотдига нисбатан қўлланадиган ҳуқуқ тўғрисидаги 1986 йил Гаага конвенцияси ва бошқалар киради. Бир хил мазмундаги коллизион хусусиятга эга бўлган нормалардан ташкил топган ушбу конвенциялардан фарқли ўлароқ, 1964 йилда Гаагада Товарларнинг халқаро олди-сотдиси тўғрисида бир хил мазмунга эга бўлган қонунлар қабул қилиш ҳақида конвенция тузилган эди. Ушбу конвенция
амалда кенг кўламда қўлланилмади ва унинг ўрнига 1980 йилда Венада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг Товарлар халқаро олди-сотдисига доир шартномалар тўғрисидаги конвенцияси имзоланди. Мазкур Конвенция 1988 йил 1 январдан амалга киритилди.
1974 йилда Нью-Йоркда Товарлар халқаро олди-сотдиси бўйича даъво муддати тўғрисидаги конвенция тузилди ва 1980 йилда унга доир Қўшимча протокол қабул қилинди. Ўзбекистон Конвенцияни 1996 йил 30 августда ратификация қилди. Ушбу протоколга асосан 1974 йилдаги Конвенциянинг айрим қоидалари БМТнинг Товарлар халқаро олди-сотдиси шартномалари тўғрисидаги конвенцияси билан мувофиқлаштирилди. 1983 йилда Женевада бўлиб ўтган конференцияда Товарлар халқаро олди-сотдисини бошқариш бўйича ваколатхона ташкил қилиш ҳақида конвенция тузилди, 1988 йилда эса Оттавада халқаро молиявий лизинг тўғрисида конвенция тузилди. Ўзбекистон уни 2000 йил 26 майда ратификация қилди.
Ўзбекистон Республикасининг «Халқаро шартномалар тўғрисида»ги қонуни, халқаро конвенциялари ва битимлари халқаро савдо ҳуқуқи ўқув фанининг манбаини ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси ташқи оламга шиддат билан чиқиб бораётган, халқаро савдо-иқтисодий алоқалари мустаҳкамланаётган ва мамлакатимиз ягона жаҳон хўжалик тизимининг муҳим таркибий қисмига айланиб бораётган бугунги кунда халқаро савдо-иқтисодий муносабатларнинг ҳуқуқий жиҳатларидан хабардор мутахассис кадрлар тайёрлаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.
Халқаро савдо ҳуқуқи соҳасидаги зарур ахборотнинг етарли бўлиши, халқаро савдо муносабатларида юзага келаётган ва мураккаб масалалардан ташкил топган янги воқеалардан хабардор бўлиш, ушбу масалаларнинг ечимини топиш ва улар юзасидан илмий изланишлар олиб борилиши бу муносабатларнинг амалда ташкил қилиниши ва ривож топиши, муносабат иштирокчилари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилиниши учун имконият яратади.
«Халқаро савдо ҳуқуқи» ўқув фанининг ҳуқуқшунос ва иқтисодчи мутахассислигига эга бўлган кадрларни тайёрлаш учун тузилган ўқув дастурига киритилиши Ўзбекистон Республикасининг Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгиланган вазифаларга мос келади, кадрларни мамлакатимиз тараққиёти йўналишларига, халқаро кўламда бозор муносабати талабларига мувофиқ тарзда тайёрланишига кўмаклашади.
Халқаро ҳуқуқ манбалари, халқаро шартномалар, конвенциялар асосида халқаро савдо муносабатларининг ташкил топишини ўрганиш, ушбу муносабатларга тааллуқли юридик атамалар ва ибораларнинг мазмун моҳиятини ўзлаштириш, муносабатларни тартибга солишга оид қоидалар ва бу соҳада вужудга келадиган низоларга нисбатан қўлланиладиган нормаларни, низоларни ҳал қилувчи ташкилотлар ва суд тизимини билиш талабаларга ҳам, адвокатлар, юристлар ва ташқи савдо-иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи тадбиркор юридик ва жисмоний шахсларга ҳам баб-баравар зарур. Ана шу талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, халқаро хусусий ҳуқуқ кафедрасининг ўқитувчиси иқтисод фанлари номзоди С. С. Гулямов Ўзбекистонда биринчи бўлиб тайёрлаган ушбу китоб бу борадаги мавжуд муҳим масалаларни ёритиб бериш, тушунмовчиликларга аниқлик киритиш, мутахассис ҳуқуқшунос ва иқтисодчиларнинг билимларини оширишга хизмат қилади, халқаро савдо-иқтисодий муносабатлар билан шуғулланувчи тадбиркорлар ва ушбу масалаларга қизиқадиган китобхонлар учун яхши қўлланма бўлади, деб ўйлаймиз.
Ушбу дарсликни камчиликлардан мутлақо холи, деб бўлмайди. Шунинг учун ҳам, муҳтарам китобхон, сизнинг билдирган таклиф ва мулоҳазаларингиз китобнинг кейинги нашрларини янада мукаммалроқ тайёрлашга ёрдам беради, деган умиддамиз.